Жорий йилнинг 17 октябрь куни BMB HOLDING Инвестиция лойиҳаларига консалтинг хизмати кўрсатиш департаменти директори Бобир Яхяев ҳамда Guangdong Yuanchuang Industrial Development Co., Ltd. компанияси директори Винсент Хуань ва Гуандун иттифоқининг МДҲ мамлакатлари билан халқаро илмий-техник ҳамкорлик бўйича лойиҳалар менежери Сюй Хуаньюй ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Хитойнинг Қашғар шаҳрида илгари ўтказилган музокараларнинг мантиқий давоми бўлган ушбу мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда тадбиркорларнинг ўзаро манфаатли шериклигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда BMB HOLDINGнинг кўп тармоқли фаолияти ва юқори салоҳиятидан келиб чиқиб, савдо ҳажмини ошириш, транспорт-логистика имкониятларидан унумли фойдаланиш ва замонавий рақамли савдо механизмларини жорий этишга қаратилган истиқболли ташаббуслар кўриб чиқилди.
Шунга кўра, меҳмонларга Холдингнинг агросаноат, маҳсулотларни қайта ишлаш, экспорт-импорт, агрологистика, қурилиш, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги имкониятлари ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раисининг Хитойга кутилаётган ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи ишбилармонлари ва йирик компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Конструктив ва самимий руҳда ўтган учрашув якунида томонлар истиқболли ҳамкорлик йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттириш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни пухта ўрганишга келишиб олдилар.