Европа мамлакатларида бизнес сафари билан бўлиб турган BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов 26 октябрь куни Цюрих шаҳрида B Capital Partners компаниясининг тижорат ва инвестиция йўналиши раҳбари Антонио Донноли билан учрашув ўтказди.
Маълумот учун, B Capital Partners – Швейцариянинг Цюрих шаҳрида жойлашган халқаро инвестиция компанияси бўлиб, барқарор инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритишга ихтисослашган. Компания энергетика, инфратузилма ва узоқ муддатли инвестицияларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар билан ишлайди. Унинг мазкур соҳалардаги тажрибаси ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар бўйича ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувнинг асосий мавзуси BMB HOLDINGнинг амалдаги лойиҳаларига қўшимча капитал жалб этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш масалалари бўлди. Томонлар мавжуд лойиҳаларнинг инвестициявий салоҳияти, уларни молиялаштириш имкониятлари ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар давомида, шунингдек, инвестицияларни самарали йўналтириш, мавжуд ишлаб чиқариш имкониятларидан янада унумли фойдаланиш ва маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиб бериш кўламини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада халқаро инвестициявий тажрибадан фойдаланиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашувдан сўнг Бекзод Маматқулов Европа мамлакатлари бўйлаб бизнес сафари доирасидаги навбатдаги музокараларни давом эттириш мақсадида Цюрихдан Люксембургга йўл олди.
Кейинги учрашувлар ва уларнинг натижалари ҳақида саҳифаларимиз орқали батафсил маълумот бериб борамиз.