Жорий йилнинг 25 ноябрь куни BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Саад Носир Абдуллоҳ Абу Ҳаймед ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида элчига BMB HOLDING фаолияти, унинг таркибидаги корхоналар, асосий бизнес йўналишлари ҳамда сўнгги йилларда амалга оширилган йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, агрологистика, меҳмонхона ҳамда ресторан бизнеси соҳаларида эришилган натижалар, мавжуд ишлаб чиқариш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро манфаатли инвестиция ташаббусларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, мамлакатимизда етиштирилиб замонавий технологиялар асосида чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Саудия Арабистони бозорига экспорт қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ва логистика йўналишларида икки мамлакат ҳудудида қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Бундай ташаббуслар Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг ишлаб чиқариш, технологик ҳамда инвестициявий имкониятларини бирлаштириш, янги бизнес йўналишларини ривожлантириш учун замин яратиши таъкидланди.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган учрашув якунида томонлар мавжуд иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, муҳокама қилинган ташаббусларни аниқ амалий лойиҳаларга айлантириш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этдилар.
Шунингдек, Саудия Арабистони элчиси BMB HOLDING раҳбариятини муҳокама қилинган масалаларни амалга ошириш мақсадида Қиролликка амалий ташриф билан келишга таклиф этди.