Куни кеча BMB HOLDING департамент директори Бобир Яхяев Хитой Халқ Республикасининг Сичуан провинцияси Чунчжоу шаҳри ҳокими, шаҳар партия қўмитаси котиби ўринбосари Цзян Ливан ҳамда “Chongzhou Economic Development Zone Management Committee” Электрон ахборот саноати департаменти бошлиғи Ли Тао билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда Ўзбекистон заъфаронини Хитой бозорига экспорт қилиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, Хитой делегацияси Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига, айниқса, заъфаронга алоҳида қизиқиш билдирди. Шу муносабат билан Бахмал туманида амалга оширилаётган BMB Za’faron лойиҳасининг ишлаб чиқариш салоҳияти, хомашёни қайта ишлаш жараёнлари ҳамда тайёр маҳсулотларни Хитой бозорига етказиб бериш имкониятлари ҳақида маълумот тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда BMB Za’faron бренди маҳсулотлари Италия, Австрия, Нидерландия, Франция, АҚШ, Тожикистон ва Саудия Арабистони каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Мазкур тажриба миллий маҳсулотнинг халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш ва янги экспорт йўналишларини ўзлаштириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, музокараларда икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, истиқболли инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро манфаатли кооперация алоқаларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган учрашув якунида томонлар ўзбек заъфаронини Хитой бозорига етказиб бериш имкониятларини батафсил ўрганиш, истиқболли ташаббусларни биргаликда таҳлил қилиш ва амалий ҳамкорликни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.