Жорий йилнинг 18 апрель куни BMB HOLDING Бош директорининг халқаро муносабатлар ва инвестициялар бўйича ўринбосари Хайрулла Набижонов ҳамда Қозоғистон Республикасининг Актобе вилояти ҳокими ўринбосари Абзал Абдикаримов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида BMB HOLDINGнинг асосий фаолият йўналишлари ҳамда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари юзасидан тақдимот ўтказилди. Шунингдек, кун тартибидан ўзаро инвестициявий ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ўрин олди.
Қозоғистон томони вакили Актобе вилоятининг мавжуд иқтисодий салоҳияти, хусусан, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари тўғрисида маълумот берди. Вилоят ҳудудида янги ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар фаолияти йўлга қўйилганлиги ва ушбу зоналар резидентлари бўлмиш инвесторлар учун солиқ ҳамда божхона имтиёзлари жорий этилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, Актобе вилоятининг Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикасига олиб борувчи асосий савдо йўллари кесишмасида жойлашганлиги муносабати билан, мазкур ҳудудда йирик логистика марказини ташкил этиш учун қулай географик шароитлар мавжудлиги қайд этилди.
Учрашув якунида Актобе вилояти ҳокимлиги BMB HOLDING компаниясини Қозоғистондаги йирик савдо тармоқлари ва дистрибьютор компаниялар билан таништириш орқали ўзаро савдо ҳамкорлигини йўлга қўйишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.