Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Қувайтдаги Элчихонаси кўмагида BMB HOLDING Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Бобир Яхяев Қувайтнинг Ariana Advanced General Trading & Contracting компанияси Бош менежери Маҳмуд Ал-Қурайши билан видеоконференцалоқа орқали музокаралар ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон-Қувайт савдо-иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтириш, миллий маҳсулотларни Қувайт бозорига олиб чиқиш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Маҳмуд Ал-Қурайшига BMB HOLDINGнинг инвестициявий ва экспорт салоҳияти, халқаро бозорлардаги тажрибаси, агросаноат, қайта ишлаш, логистика ва туризм соҳаларидаги лойиҳалари ҳамда маҳсулотни етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ва тайёр маҳсулотни ташқи бозорларга етказиб беришгача бўлган яхлит экспорт тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Музокараларнинг асосий йўналиши Ўзбекистондан Қувайтга қуруқ мевалар ва дуккакли маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш бўлди. Ҳамкор томон мамлакатимизда етиштирилган майиз, қуритилган ўрик, олхўри, анжир ва бошқа қуруқ мевалар, шунингдек, дуккакли маҳсулотларни харид қилишга қизиқиш билдирди.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган онлайн музокаралар якунида томонлар маҳсулот туркумлари, сифат талаблари, қадоқлаш, етказиб бериш ҳажмлари ва логистика шартларини муҳокама қилиб, Қувайт бозори учун дастлабки экспорт партиясини шакллантириш ва етказиб бериш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.