Жорий йилнинг 30 апрель куни BMB HOLDING Бош офисида Ҳолдинг Бош директорининг халқаро муносабатлар, инвестициялар ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар бўйича ўринбосари Хайрулла Набижонов ҳамда Грузиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонасининг маслаҳатчи вакили Ираклий Кванчахадзе ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув кун тартибидан икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Ҳолдинг таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган, қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Грузия бозорига етказиб бериш масалалари асосий ўрин эгаллади. Томонлар мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, музокаралар давомида жорий йилда ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон-Грузия бизнес-форумига тайёргарлик жараёнлари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу нуфузли тадбир доирасида BMB HOLDING ҳамда Грузиянинг ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида мақсадли B2B учрашувларини ташкил этиш, истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва келгусидаги келишувлар учун потенциал шериклар билан музокаралар ўтказишга келишиб олинди.