Жорий йилнинг 16 май куни Жиззах вилоятининг Арнасой туманида BMB AGRO таркибидаги дуккакли маҳсулотларни қайта ишлаш корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Жиззах вилояти прокуратураси ҳамда Арнасой тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда туманда истиқомат қилувчи болажонларнинг суннат тўйлари ҳам ўтказилди.
Тадбирда Арнасой туман аҳолиси, Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — З.Рузиев, Жиззах вилояти прокурори — Б.Иброҳимов, Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи — Ғ.Қодиров, Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи — Б.Исмаилов, Арнасой туман ҳокими — О. Мусанов ҳамда BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси — Б.Маматқулов ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида фаолият юритаётган
BMB HOLDING таркибидаги BMB AGRO корхонаси асосан қишлоқ хўжалиги ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашган бўлиб, Ҳолдинг томонидан соҳага замонавий технологиялар ва илмий ёндашувларни жорий этилаётганлиги бугунги кунда ҳосилнинг сифати ва миқдорига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Корхона томонидан узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган, шўрхок ва камсамара берадиган ерлар ўзлаштирилиб, қайта тиклаш ишлари олиб борилди. Илмий асосда амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида ушбу ерларда сўнгги йилларда пахтадан гектарига 30–35 центнер, ғалладан эса 70–80 центнергача ҳосил олинмоқда.
Корхонанинг фаолияти фақат дон ва пахта етиштириш билан чекланмай, дуккакли экинлар ҳамда полиз маҳсулотлари — мош, ловия, нўхот, тарвуз, қовун, қовоқ ҳамда бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам ўз ичига олади. Етиштирилган маҳсулотлар халқаро талабларга мувофиқ тозаланади, каллибрланади, ранг ва ҳажмига кўра сараланади, текисланади, сўнг қадоқланади ва хорижий мамлакатларга экспорт қилинади, маълум бир қисми ички бозорга етказиб берилади, қолганлари эса BMB HOLDING тизимидаги бошқа корхоналарга қайта ишлаш учун юборилади.
BMB HOLDING тизимидаги кластер, Ҳолдинг таркибидаги корхоналар ва ҳудуддаги деҳқон, фермер ҳамда томорқа хўжаликлари билан биргаликда Арнасой туманидаги 50 гектар ер майдонига нав сифати юқори бўлган помидор, 5 000 гектар ер майдонига мош, 2 000 гектарга ловия каби дуккакли, 1 500 гектарга қовун ва бошқа полиз маҳсулотлари контрактация шартномаси асосида экилиб, етиштирилган маҳсулотлар Европанинг Латвия ва Польша давлатларига, дуккакли маҳсулотлар эса асосан Хитойга экспорт қилинмоқда. Йил бошидан то бугунги кунга қадар жами 2,4 миллион долларлик маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган бўлса, йил охирига қадар бу кўрсаткични 10 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
BMB AGRO таркибидаги дуккакли маҳсулотларни қайта ишлаш корхонасининг йиллик қуввати 65 000 тоннани ташкил қилиб, унга Туркия ва Хитой давлатидан келтирилган, умумий қиймати 6,5 млрд.сўм бўлган замонавий технологиялар ўрнатилган.
BMB HOLDING фаолиятида инновацион ва илмий ёндашув, самарали бошқарув ва барқарор ривожланиш асосий устувор йўналиш сифатида белгиланган бўлсада, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, инсонпарварлик ва меҳр-мурувват каби халқимизга хос азалий анъаналарни ҳам доим ёдда тутади. Бугунги тадбирда 50 нафар арнасойлик болажонларнинг суннат тўйини ташкил этилиши ҳам фикримизга ёрқин далил бўла олади. Улар учун байрам дастурхонининг тузалгани, тўйболаларга эсдалик совғаларининг топширилиши, болажонларнинг ҳар бири учун банкдан омонот очилиб, ҳисоб рақамларига пул тушириб берилганлиги уларнинг ота-оналарини ҳам бирдек хурсанд қилиши табиий.
Бир сўз билан айтганда, корхона келгусида ер майдонларини янада кенгайтириш, маҳсулот турларини ва экспорт ҳажмини бунданда ошириш, саховат тадбирларини ҳам мунтазам ўтказиб боришни мақсад қилган.