Жорий йилнинг 16-18 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиёнинг энг йирик инвестиция платформаларидан бири ҳисобланган V Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Мазкур форумда дунёнинг 99 мамлакатидан 8 мингдан ортиқ иштирокчи, жумладан, давлат идоралари раҳбарлари, халқаро молия институтлари экспертлари, йирик инвесторлар ҳамда бизнес доиралари вакиллари иштирок этмоқда.
17 июнь куни форумнинг асосий тадбирларидан бири – пленар сессия бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган устувор вазифалар юзасидан маъруза қилди. Шунингдек, Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон инвестициялар учун очиқ мамлакат эканини, хорижий инвесторлар билан тенг ва ўзаро манфаатли шериклик тамойили асосида ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Пленар сессияда BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳам иштирок этиб, форум доирасида қатор хорижий давлатлардан ташриф буюрган йирик инвесторлар, молия институтлари ва халқаро бизнес доиралари вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Жумладан, Бекзод Маматқулов Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм, шунингдек, Mangold Consulting, Bonduelle Group, Clark Hill, WeTrust, Green Oasis Agriculture ҳамда BY Capital Project Group ташкилотлари раҳбарлари билан учрашиб, экспорт-импорт, агросаноат, саноат кооперацияси ҳамда инвестиция йўналишларидаги истиқболли ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашди.
Умуман олганда, V Тошкент халқаро инвестиция форуми BMB HOLDING учун янги шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, мавжуд ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва халқаро бизнес ҳамжамияти билан мулоқотни янада кенгайтиришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.