Жорий йилнинг 14 июнь куни BMB HOLDING Бош офисида Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Қозоғистон Республикасининг расмий делегация аъзолари, хусусан, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бейбут Атамқулов ва «UZKAZTRADE» компанияси бошқарув раиси Бауыржан Ғайсалар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ва фьючерс шартномалар
Музокаралар жараёнида Қозоғистон бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси бу борада маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва ҳудудлар бўйича логистика тизимини йўлга қўйишга тайёр эканлигини таъкидлади.
Чорвачилик соҳасида қўшма лойиҳалар
Қозоғистон делегацияси вакиллари ўз ҳудудларида қорамол етиштириш, генетик ресурслардан фойдаланиш ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратишда BMB HOLDING билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Бу борада лойиҳаларни амалга оширишда узоқ муддатли шерикликка эътибор қаратилди.
Байқонурда космик туризмни ривожлантириш
Учрашувда Байқонур космодромига сайёҳлик ташрифларини ташкил этиш, хусусан, космик кемалар учирилишини жонли кузатиш имконини берувчи турларни йўлга қўйиш ташаббуслари муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги маданий ва туризм алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, учрашув доирасида мартабали меҳмонлар Ҳолдинг тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган ва сўнгги технологиялар асосида қайта ишланган, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларнинг намуналари жамланган шоурум ва музей фаолияти билан танишди.
Келгусида Қозоғистонлик ҳамкорлар билан стратегик шерикликни янада ривожлантиришга ҳамда яқин кунларда ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, лойиҳаларни самарали йўлга қўйиш борасида аниқ механизмлар ишлаб чиқиладиган бўлди.
Учрашув якунида муҳокама этилган ҳамкорлик йўналишлар бўйича BMB HOLDING делегациясининг Қозоғистонга расмий ташрифи амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
BMB HOLDING Ахборот хизмати