BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 3-6 май кунлари АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган нуфузли SelectUSA халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун Америка Қўшма Штатларига йўл олди.
АҚШ Савдо вазирлиги ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу саммит дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларидан минглаб инвесторлар, йирик корпорациялар, молия институтлари ҳамда давлат органлари вакилларини бирлаштирувчи йирик мулоқот майдони ҳисобланади.
Тадбир дастуридан ўрин олган пленар сессиялар, тармоқлараро панель муҳокамалари ва B2B форматдаги учрашувлар иштирокчиларга АҚШнинг инвестиция муҳити, солиқ ва ҳуқуқий тизими ҳамда инновацион экотизими билан яқиндан танишиш имконини беради.
Шу билан бирга, мазкур форум янги технологиялар, саноат кооперацияси, инфратузилма, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт каби устувор йўналишларда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Саммит доирасида Холдинг асосчиси Бекзод Маматқулов АҚШ ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган етакчи компаниялар раҳбарлари билан қатор музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Ушбу мулоқотлар давомида инвестициявий ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли янги шериклик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинади.