Жорий йилнинг 5 май куни Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси ташаббуси билан SelectUSA инвестиция саммити иштирокчилари учун расмий қабул маросими ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, АҚШ Савдо вазири ёрдамчиси Дэвид Фогель, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм, Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник, BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Ўзбекистондан ташриф буюрган бошқа тадбиркорлар иштирок этдилар.
Бўлиб ўтган тадбир доирасида иштирокчилар ўртасида кенг кўламли нетворкинг мулоқотлари ўтказилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги инвестиция йўналишларини муҳокама қилиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикрлар алмашилди.
Мулоқотлар давомида асосий эътибор Ўзбекистон ва АҚШ давлатлари ўртасида инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, йирик стратегик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ҳамда тадбиркорлик дипломатияси шаклланиши жараёнида хусусий сектор вакиллари иштирокини кучайтириш масалаларига қаратилди. Шу билан бирга, икки томонлама бизнес алоқаларини чуқурлаштириш ва инвестиция муҳитининг жозибадорлигини янада ошириш бўйича аниқ ташаббуслар ҳам илгари сурилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан бир қатор конструктив фикр ва мулоҳазалар билдирилиб, келгусида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.