Аввал хабар берганимиздек, BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Америка Қўшма Штатларида 3-6 май кунлари бўлиб ўтган SelectUSA инвестиция саммитида иштирок этди.
Мазкур саммит доирасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларининг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 7 май куни мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида MIR TRANSPORTATION компанияси асосчиси Мирюсуф Мирсабиров билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида Холдинг томонидан етиштирилган ва чуқур қайта ишланган мева-сабзавот, қишлоқ хўжалиги ҳамда заъфарон маҳсулотларини АҚШнинг йирик EMD SALES ҳамда NetCost савдо тармоқларига етказиб бериш ва шу орқали экспорт ҳажмини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, Бекзод Маматқулов Филадельфия шаҳрида жойлашган MIR TRANSPORTATION компаниясининг логистика маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Унда маҳсулотларни сақлаш, тақсимлаш ва тезкор етказиб бериш бўйича яратилган инфратузилма имкониятлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Мазкур учрашув BMB HOLDING’нинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш ва “Made in Uzbekistan” миллий бренди маҳсулотларини халқаро бозорларда фаол тарғиб қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.