Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туризм соҳасини жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини ошириш ҳамда Зомин туманини халқаро туризм марказларидан бирига айлантиришга қаратилган қарор ва ташаббуслари ижроси доирасида “Ўзсаноатқурилишбанк” молиявий кўмагида BMB HOLDING томонидан навбатдаги лойиҳа ишга туширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6201-сон Фармони ижроси доирасида 2026 йил 22 май куни Жиззах вилоятининг сўлим масканларидан бири Зомин туманида “ZA’FARON PREMIUM HOTEL” меҳмонхона мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 200,0 млрд сўмдан ортиқни ташкил этиб, шундан 165,0 млрд сўм “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг узоқ муддатли кредит маблағлари ҳамда 35,0 млрд сўм Ҳолдинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 120 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Мазкур лойиҳа BMB HOLDINGнинг туризм ва HORECA йўналишида амалга ошираётган кенг кўламли ишларининг мантиқий давомидир. Зомин тоғлари бағрида очилган BMB HOLDING таркибига кирувчи тўртинчи меҳмонхона мажмуаси замонавий архитектура, юқори сервис стандартлари ва табиат билан уйғун муҳитни ўзида мужассам этган.
Шуни таъкидлаш лозимки, “ZA’FARON PREMIUM HOTEL” бренди қисқа вақт ичида маҳаллий ва хорижий саёҳатчилар ҳамда соҳа мутахассислари томонидан замонавий сервис, миллий меҳмондўстлик ва халқаро стандартларни уйғунлаштирган ишончли туристик бренд сифатида эътироф этилмоқда.
Меҳмонхонада 200 дан ортиқ меҳмонларни қабул қилиш имкониятига эга бўлган
107 та шинам ва замонавий хоналар, шу жумладан, 56 та стандарт хона, 16 та люкс, 8 та ярим люкс, 13 та оилавий хона ҳамда имконияти чекланган меҳмонлар учун махсус жиҳозланган хоналар мавжуд. Мажмуа ҳудудида 250 нафар меҳмонга мўлжалланган ресторан, 150 кишилик конференция зали, замонавий тренажёр зали ҳамда болалар ўйин майдончаси фаолият кўрсатади. Бу ерда оилавий дам олиш, корпоратив тадбирлар ва туристик саёҳатлар учун барча қулайликлар яратилган.
Меҳмонхона бошқарув тизимини халқаро стандартлар асосида йўлга қўйиш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркия мамлакатларининг нуфузли меҳмонхоналаридан юксак тажрибага эга бўлган менежерлар жалб қилинган. Улар ушбу соҳадаги замонавий ёндашувлар, сервис сифати, бошқарув самарадорлиги ҳамда юқори даражадаги хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этишда фаол иштирок этади.
Тантанали маросимда BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ушбу лойиҳа ишга туширилиши мамлакатимиз туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, ҳудудларнинг инвестицион ва туристик жозибадорлигини ошириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ҳамда юртимизнинг халқаро туризм бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.