Жорий йилнинг 15 июль куни BMB HOLDING Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Бобир Яхяев Малайзиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси кўмагида Jaafar Industries SDN. BHD. компанияси ижрочи директори Фатен Жаафар хоним билан учрашув ўтказди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, инновациялар, инвестициялар ва хусусий сектор ҳамкорлиги икки давлат иқтисодий кун тартибининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим ўртасидаги келишувларга мувофиқ 2025–2026 йиллар Ўзбекистон–Малайзия инновацион шериклигини ривожлантириш даври сифатида белгилангани янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар очмоқда.
Музокаралар давомида BMB HOLDINGнинг кўп тармоқли фаолияти, инвестициявий салоҳияти ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича амалга ошираётган лойиҳалари тақдим этилди. Шу билан бирга, Малайзиянинг Jaafar Industries SDN. BHD. компанияси томонидан ҳалол индустрияни ривожлантириш, Halal стандартлари ва сертификатлаш тизими, шунингдек, ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари соҳасидаги илғор тажрибаси юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда меҳмонхона ва ресторан бизнеси (HoReCa), туризм ҳамда хизматлар соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, BMB HOLDING инфратузилмаси Малайзия ишбилармон доиралари ва расмий делегациялари иштирокида бизнес форумлар, тақдимотлар, корпоратив тадбирлар ва икки томонлама учрашувларни ташкил этиш учун самарали платформа бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
Шунингдек, томонлар BMB HOLDING маҳсулотларини Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бозорларига олиб чиқиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан амалий таклифларни муҳокама қилдилар.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган учрашув якунида томонлар узоқ муддатли шериклик механизмларини шакллантириш, инвестиция ташаббусларини биргаликда илгари суриш ҳамда BMB HOLDINGнинг консалтинг салоҳияти, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва халқаро бизнес алоқаларини йўлга қўйиш бўйича тажрибасидан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.