Жорий йилнинг 16 июль куни BMB HOLDING бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов Хитой Халқ Республикасининг агросаноат соҳасидаги етакчи компаниялари, Guangxi Mucun Agriculture and Animal Husbandry Co., Ltd., Guangzhou Kun Da Sheng Agriculture Holdings Limited ҳамда Guigang Tianyi Breeding Co., Ltd. раҳбарлари Хоу Гочжун, Чэнь Инь, Чэнь Мин, Сю Вэнь ва Шао Хуаюнь билан музокаралар ўтказди.
Бугунги кунда агросаноат тармоғида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва биотехнологиялардан фойдаланиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда тармоқнинг барқарор ривожланишини таъминловчи муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, учрашув давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида аграр соҳадаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ҳамда инновацион ечимларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Музокараларда паррандачилик, чорвачилик, наслчилик, ветеринария ва вакцинация соҳаларида замонавий технологиялардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ҳамда юқори самарадорликка эришиш бўйича мавжуд имкониятлар кўриб чиқилди.
Алоҳида эътибор сунъий интеллект технологияларини аграр ишлаб чиқаришга интеграция қилиш масаласига қаратилди. Хусусан, чорва ва паррандалар саломатлигини рақамли мониторинг қилиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, вакцинация жараёнларини автоматлаштириш, наслчилик маълумотларини таҳлил қилиш ҳамда озиқлантириш жараёнларини интеллектуал бошқаришга қаратилган замонавий ечимлар юзасидан фикр алмашилди.
Хитой компаниялари раҳбарлари ўзларининг агросаноат соҳасидаги илғор тажрибаси, юқори технологик ишлаб чиқариш ёндашувлари ҳамда инновацион бошқарув моделлари ҳақида маълумот бердилар. Шу билан бирга, улар Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар учун яратилган қулай муҳит ҳамда Ўзбекистон-Хитой стратегик шериклигининг изчил ривожланишини юқори баҳоладилар.
Учрашув доирасида меҳмонлар BMB HOLDING шоурумида тақдим этилган экспортбоп маҳсулотлар билан танишиб, уларнинг сифати, ишлаб чиқариш жараёнлари ва ташқи бозорлардаги салоҳиятига юқори баҳо бердилар.
Ўз навбатида, BMB HOLDING томонидан Холдингнинг инвестициявий салоҳияти, халқаро ҳамкорлик тажрибаси, консалтинг хизматлари ҳамда амалга оширилаётган йирик лойиҳалари тақдим этилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда Холдинг 1000 дан ортиқ хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиб, умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард АҚШ долларига тенг қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқаришда иштирок этмоқда. Шунингдек, BMB HOLDING фаолияти қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт ва логистика, ижтимоий инфратузилма ҳамда бошқа стратегик йўналишларни қамраб олиши қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар агросаноат соҳасида инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, сунъий интеллект ва замонавий технологияларга асосланган инновацион ечимларни жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистонда қўшма ишлаб чиқариш ва юқори қўшимча қийматга эга лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кейинги амалий қадамларни белгилаб олдилар.