Жорий йилнинг 28 июль куни BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Юй Цзюнь билан учрашув ўтказди.
Музокаралар аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин раҳбарлигида икки томонлама муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичига чиққанлиги, ҳар томонлама стратегик шериклик изчил мустаҳкамланиб, амалий мазмун билан бойиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон-Хитой иқтисодий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар BMB HOLDINGнинг экспортга йўналтирилган ва юқори қўшилган қиймат яратувчи лойиҳалари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг амалий ифодаси сифатида муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этдилар. Бу каби ташаббуслар нафақат миллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш, балки икки мамлакат ўртасидаги саноат ва савдо кооперациясини янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, Бекзод Маматқулов Ўзбекистон футзал федерацияси президенти сифатида мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда спорт дипломатияси муҳим омил эканини таъкидлаб, футзал соҳасида тажриба алмашиш, мутахассислар тайёрлаш ва қўшма тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини ҳам илгари сурди.
Ўз навбатида, жаноб Юй Цзюнь BMB HOLDINGнинг экспорт салоҳияти ва амалга ошираётган ташаббусларини юқори баҳолаб, Холдинг вакилларини Хитой Халқ Республикаси ҳукумати томонидан ташкил этиладиган малака ошириш курслари, ўқув семинарлари ҳамда тажриба алмашиш дастурларида иштирок этишга таклиф қилди.
Таъкидланишича, мазкур дастурлар корпоратив бошқарув, агротехнологиялар, инновациялар, ташқи савдо ва саноат кооперацияси соҳаларида Хитойнинг илғор тажрибасини ўрганиш учун кенг имкониятлар яратади.
Шунингдек, жорий йил якунига қадар BMB HOLDING делегациясининг Пекин шаҳри, Цзянси ва Шандун провинциялари ҳамда Шинжон–Уйғур автоном районига амалий ташрифларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу ташрифлар доирасида агросаноат, инвестициялар, экспорт, логистика, юқори технологиялар ва спорт соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳаларни шакллантириш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Хитой стратегик шериклиги доирасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни изчил амалга ошириш юзасидан келишувга эришдилар.