Жорий йилнинг 28 июль куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, саноат кооперацияси ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бизнес-форум бўлиб ўтди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эрлист Акунбеков, икки мамлакат давлат идоралари, инвестиция институтлари, йирик компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида саноат кооперацияси, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур нуфузли тадбирда BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов иштирок этди. “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида кооперацияни ривожлантириш” мавзусидаги панель сессиясида Х.Набижонов сўзга чиқиб, Холдингнинг агросаноат соҳасидаги фаолияти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш, экспортга йўналтириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида агросаноат йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш, қўшма ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш икки мамлакат иқтисодий муносабатларининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, форум доирасида инвестициялар, логистика, саноат кооперацияси ва ташқи савдо соҳаларидаги янги ҳамкорлик имкониятлари B2B ҳамда G2B форматларида муҳокама қилиниб, хусусий секторнинг икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги муҳим ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
BMB HOLDINGнинг мазкур бизнес-форумдаги иштироки Холдингнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда агросаноат, экспорт ва инвестиция йўналишларида янги имкониятларни шакллантириш борасидаги изчил фаолиятининг яна бир амалий ифодаси бўлди.