Жорий йилнинг 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Қозоғистон Республикасининг “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатаси ташаббуси билан, Қозоғистон делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Қозоғистоннинг 100дан ортиқ хусусий сектор вакилларини бир майдонга жамлаган мазкур форумнинг асосий мақсади савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни фаоллаштиришдан иборат бўлди.
Форум бу йил илк бор янгиланган форматда ташкил этилди. Анъанавий B2B учрашувлари билан бир қаторда тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилиб, унда бизнес вакиллари ўзларини қизиқтирган масалаларни бевосита муҳокама қилиш, амалий таклиф ва ташаббусларини билдириш имкониятига эга бўлдилар.
Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форумида иштирок этган BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов Қозоғистоннинг қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан B2B форматда самарали музокаралар ўтказди.
Хусусан, музокаралар давомида экспорт ҳамкорлигини кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Икки қардош мамлакат ишбилармон доиралари вакилларини бирлаштирган мазкур бизнес-форум Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий шерикликни янада чуқурлаштириш, янги инвестиция ва экспорт имкониятларини шакллантириш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим амалий майдон бўлиб хизмат қилди.