Жорий йилнинг 15 октябрь куни BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов Германиянинг тозалаш технологиялари соҳасидаги йирик компанияларидан бири – Kärcher’нинг Ўзбекистондаги Kärcher Center Tashkent маркази савдо менежерлари Муҳаммад Аҳмедов ва Шахноза Нугмановалар билан учрашув ўтказди.
Маълумот учун, 1935 йилда Германияда ташкил этилган Kärcher компанияси маиший ва профессионал тозалаш техникаси, ювиш ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган халқаро компания ҳисобланади. Ўзбекистонда Kärcher Center Tashkent маркази тозалаш ускуналарини тақдим этиш, сотиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш йўналишларида фаолият юритади.
Мулоқот аввалида меҳмонларга BMB HOLDINGнинг кўп тармоқли фаолияти, инвестициявий салоҳияти ҳамда қишлоқ хўжалиги ва маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш, ишлаб чиқариш, экспорт-импорт ва агрологистика, қурилиш, туризм ва HoReCa, медиа, спорт ҳамда ижтимоий лойиҳалар йўналишларида амалга оширилаётган ишлари ҳақида маълумот берилди.
Учрашув давомида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, илғор технологик ечимларни амалиётга жорий этиш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Kärcher компаниясининг профессионал тозалаш ускуналари ва замонавий технологияларини BMB HOLDING тизимидаги корхоналар эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиш, уларни ишлаб чиқариш жараёнлари ва инфратузилма объектларида қўллаш имкониятларини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида мавжуд эҳтиёжларни атрофлича ўрганиш ҳамда бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олинди.