Европа мамлакатлари бўйлаб бизнес сафари доирасида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов 27 октябрь куни Люксембургда Ўзбекистон-Люксембург бизнес ассоциацияси раиси ҳамда Wetrust Letzebuerg бош директори Диёр Якубов билан учрашув ўтказди.
Учрашувнинг асосий мавзуси BMB HOLDINGнинг амалдаги лойиҳаларига қўшимча капитал жалб этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш масалалари бўлди. Томонлар мавжуд лойиҳаларнинг инвестициявий салоҳияти, уларни молиялаштириш имкониятлари ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, музокаралар давомида Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлаш орқали тайёрланган, жумладан, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ва заъфаронни Люксембург бозорига етказиб бериш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Мазкур йўналишда экспорт географиясини кенгайтириш, Европа бозорида янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда BMB HOLDING маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, хорижий капитални жалб қилиш ҳамда Европа мамлакатлари билан савдо–иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш, экспорт ҳажмини ошириш ва холдинг лойиҳаларининг иқтисодий самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Европа мамлакатлари бўйлаб бизнес сафари доирасида бўлиб ўтадиган кейинги музокаралар, шунингдек, уларнинг натижалари ҳақида саҳифаларимиз орқали батафсил маълумот бериб борамиз.