BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг Европа мамлакатлари бўйлаб амалга ошираётган бизнес сафари Германия Федератив Республикасида давом этмоқда.
Жорий йилнинг 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги Элчихонаси кўмагида EDEL TOWER HOLDING бош директори доктор Элнур Ҳусейнов, Caspian Forum молия ва халқаро алоқалар департаменти раҳбари Ольга Зеренков ҳамда CHAEUM PHARMA GERMANY компанияси бош ижрочи директори Сергей Герт билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар диққат марказида чуқур қайта ишланган маҳсулотларни Европа Иттифоқи ва Германия бозорларига етказиб бериш, шунингдек, уларни халқаро савдо тармоқлари орқали реализация қилиш масалалари бўлди.
Бунда Германиянинг Европа бозорларига чиқишдаги муҳим савдо маркази сифатидаги имкониятларидан фойдаланиш ва кейинчалик маҳсулотлар экспорт географиясини бошқа мамлакатлар ҳисобига кенгайтириш истиқболларига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, BMB HOLDING томонидан етиштирилиб, қайта ишланаётган заъфарон маҳсулотларини Европа бозорларида илгари суриш, мазкур йўналишда барқарор алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда янги савдо ҳамкорларни жалб этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Конструктив ва ишчан руҳда бўлиб ўтган музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, экспорт йўналишларини кенгайтириш ва истиқболли савдо лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан қатор келишувларга эришдилар.