Куни кеча BMB HOLDING департаменти директори Бобир Яхяев ҳамда Хитой Халқаро савдо палатаси Кенгаши аъзоси, Осиё-Европа савдосини ривожлантириш ассоциацияси президенти, Zhengyang Chenghe (Tianjin) Co., Ltd. компанияси бошқарув кенгаши раиси Чао Чен ўртасида видеоконференцалоқа шаклида музокаралар бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, маҳаллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, ўзаро манфаатли инвестициявий ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларда Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини Хитой бозорида кенг тарғиб қилиш, янги ҳамкорлар ва харидорлар билан алоқалар ўрнатиш, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, BMB HOLDINGнинг инвестициявий ва консалтинг салоҳиятидан фойдаланган ҳолда маҳаллий корхоналарнинг халқаро кўргазмалардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ҳамда истиқболли ташаббусларни аниқ бизнес лойиҳаларига айлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раисининг Хитойга кутилаётган ташрифи доирасида мамлакатнинг етакчи ишбилармон доиралари ва йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этиш, халқаро кўргазма ва форумларда иштирок этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур ташрифни икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги лойиҳаларни илгари суриш учун муҳим имконият сифатида кўриб чиқиш таклиф этилди.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган онлайн мулоқот якунида томонлар белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорликни давом эттириш, ўзаро манфаатли таклифларни батафсил ўрганиш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни амалий лойиҳалар билан бойитиш борасидаги мулоқотларни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.