18–21 июль кунлари BMB HOLDING тижорат директори Мансур Мусаев бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикасида ишчи ташриф билан бўлиб турибди. Сафар доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор амалий учрашувлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, Астана шаҳрида Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирининг биринчи ўринбосари Айжан Бижанова билан учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида BMB HOLDING томонидан етиштирилаётган заъфарон, янги ва чуқур қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини Қозоғистон савдо тармоқларига етказиб бериш ҳамда маҳаллий йирик импортчи компаниялар билан B2B учрашувлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Айжан Бижанова Қозоғистон бизнес доиралари ва BMB HOLDING ўртасида амалий ҳамкорлик йўлга қўйилишига ишонч билдириб, бу каби ташаббуслар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, у Холдинг томонидан кўрсатилаётган фаолиятни юксак баҳолаб, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги узоқ муддатли иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик изҳор этди.
Ташриф жорий йил 26 июнь куни бўлиб ўтган BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Қозоғистон Савдо қўмитаси раиси Айдар Абилдабеков ўртасидаги учрашувнинг мантиқий давоми бўлди.
BMB HOLDING экспорт географиясини кенгайтириш, минтақавий савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва Қозоғистон билан барқарор бизнес шерикликни йўлга қўйиш йўлида изчил фаолият юритмоқда.
BMB HOLDING Ахборот хизмати