Жорий йилнинг 12 август куни BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Беларус Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Александр Огородников ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Беларус Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг йилдан-йилга ривожланаётганлиги, товар айирбошлаш ҳажмининг ортиб бораётганлиги мамнуният билан қайд этилди.
Шундан сўнг, А. Огородников томонидан сўнгги йилларда дунё бозорларида юртимизда етиштирилаётган, табиий, юқори сифатли, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиб бораётганлиги эътироф этилди. Шу боисдан, Беларусиядаги йирик компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдираётгани алоҳида таъкидлади.
Мулоқот давомида қишлоқ хўжалиги, саноат, логистика, савдо йўналишларига доир масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, замонавий агрологистика мажмуасининг имкониятлари, юқори инфратузилма ва логистикани ривожлантириш, янги транспорт йўлакларини яратиш юзасидан фикр алмашилди. Айниқса, товар айирбошлаш, талаб юқори бўлган маҳсулотлар экспорт ва импорт қилиш юзасидан атрофлича муҳокамалар бўлиб ўтди.
Суҳбат якунида ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар юзасидан Беларус компаниялари вакиллари билан учрашувлар ташкил этиш режалаштирилди.
BMB HOLDING Ахборот хизмати