Куни кеча пойтахтимизда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, Германиянинг илғор технологиялари ва инвестициявий салоҳиятини мамлакатимиз иқтисодиётига жалб этиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Германия ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида икки томонлама музокаралар ташкил этилди.
Германия–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлиги бюроси (DUWK Büro) кўмагида бўлиб ўтган музокараларда бюро ижрочи директори Ноёбжон Ахмаджонов ҳамда BMB HOLDING департаменти директори Бобир Яхяев иштирок этди.
Музокаралар доирасида Германиянинг саноат, муҳандислик, замонавий технологиялар, халқаро логистика, савдо, авиация ва консалтинг соҳаларида фаолият юритувчи 10 га яқин компания ҳамда нуфузли ишбилармонлик бирлашмаси вакиллари билан мулоқотлар ўтказилди.
Хусусан, German Eurasian Business Association, ASTARE GmbH, JOKOBA Technologies GmbH, Hammelmann GmbH, Atlantis Zollspedition, MIYAWAKI GmbH, SKM Logistics & Trade GmbH, Life Science Consulting, Stena Line GmbH & Co. KG ҳамда MATTHIESSEN Lager- und Recyclingtechnik GmbH вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Бўлиб ўтган мулоқотлар давомида Германия компанияларининг халқаро бозорлардаги тажрибаси, ишлаб чиқариш ва технологик имкониятлари, инновацион ишланмалари ҳамда Ўзбекистондаги ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, саноат ва муҳандислик технологияларини жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, халқаро логистика тизимини ривожлантириш, авиация соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш, замонавий ускуналар ва инновацион ечимларни татбиқ этиш, шунингдек, халқаро савдо операциялари ва консалтинг хизматлари бўйича ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Германиялик ҳамкорларга BMB HOLDINGнинг асосий фаолият йўналишлари, инвестициявий ва ишлаб чиқариш салоҳияти, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган устувор вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидлаш жоизки, Германиянинг турли иқтисодий тармоқларини қамраб олган мазкур учрашувлар саноат ва муҳандислик соҳаларидаги илғор тажрибани, юқори технологик ишланмаларни, халқаро логистика ва савдо имкониятларини Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳалар билан уйғунлаштириш учун янги имкониятларни очади. Бу эса ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Учрашувлар якунида томонлар ишбилармонлик алоқаларини изчил давом эттириш, аниқ ҳамкорлик йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, истиқболли лойиҳаларнинг техник ва иқтисодий параметрларини ўрганиш ҳамда уларни амалий босқичга олиб чиқиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олдилар.