Айни кунларда Америка Қўшма Штатларида ишчи ташриф билан бўлиб турган BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Costco Wholesale йирик савдо тармоқларига ташриф буюрди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур компания бошқарув кенгаши аъзоси Франческо де Натале 2024 йилда Ўзбекистонда BMB HOLDING асосчиси Бекзод Маматқулов билан учрашиб, музокаралар ўтказган эди. Шу давр мобайнида Ҳолдинг ташкилотлари Costcoнинг 3 босқичли текширувларидан муваффақиятли ўтган.
Ташриф давомида Бекзод Маматқулов мазкур компаниянинг савдо департаменти раҳбари Эд Мартин билан учрашиб, Costco Wholesale савдо тармоқларининг иш фаолияти, потенциали ҳамда компания томонидан тақдим этилган турли хил маҳсулотлари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, Costco Wholesale билан BMB HOLDING вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, яқин келажакда Ҳолдинг томонидан ишлаб чиқарилаётган турли хил маҳсулотлар, хусусан, чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот ҳамда заъфарон маҳсулотларини ушбу йирик савдо тармоқларига етказиб бериш билан боғлиқ бўлган ташкилий масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якуни бўйича АҚШнинг Costco Wholesale йирик савдо тармоқлари билан ҳамкорликнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш учун мулоқотларни давом эттириш ва келгусида қўшимча музокаралар ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.
Маълумот учун, Costco Wholesale АҚШнинг йирик гипермаркетлар тармоғи бўлиб, Канада, Мексика, Буюк Британия, Япония, Корея, Австралия ва дунёнинг бошқа қатор мамлакатларида 1000 дан ортиқ филиалларига эга. 2025 йил ҳолатига кўра, умумий даромади 275.2 миллиард доллар бўлиб, 341 мингдан зиёд одамларни иш билан таъминлаган.