Жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тожикистон Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида пойтахтимиздаги “CAEx” мажмуасида қўшма саноат кўргазмаси бўлиб ўтди. Мазкур кўргазма икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирнинг биринчи кунида кўргазма ишида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Тожикистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зиёзода Сулаймон Ризоий, Тожикистон Республикаси Саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ҳамда етакчи компаниялар вакиллари иштирок этдилар.
Кўргазмада АҚШнинг USDA ORGANIC ва FDA халқаро сертификатларига эга BMB Za’faron бренди остида танилган экспортбоп заъфарон маҳсулотлари стенди тақдим этилиб, иштирокчилар эътиборини тортди.
Шунингдек, юқори мартабали меҳмонлар учун BMB Za’faron бренди маҳсулотларининг ўзига хос шифобахш хусусиятлари ва халқаро бозорлардаги экспорт салоҳияти юзасидан батафсил маълумот берилди.
Умуман олганда, бўлиб ўтган кўргазма B2B ва G2B форматидаги учрашувлар, тақдимотлар ва амалий музокараларга бой бўлиб, мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий салоҳиятини янада кенгроқ намойиш этиш ҳамда “Made in Uzbekistan” миллий брендининг чет эл бозорларидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилди.