Жорий йилнинг 14 июль куни BMB HOLDING Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Бобир Яхяев ва Хитойнинг етакчи давлат корпорацияларидан бири China National Nuclear Corporation (CNNC) таркибига кирувчи Geological Exploration Groupнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси молия директори Ли Сяопин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар аввалида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, саноат, геология-қидирув, инфратузилма ҳамда инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда CNNC Geological Exploration Groupнинг Ўзбекистондаги фаолиятини самарали ташкил этиш, давлат ва хусусий сектор билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ҳуқуқий, ташкилий ва инвестиция масалаларида BMB HOLDINGнинг консалтинг салоҳиятидан фойдаланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар очиқ мулоқот, ўзаро ишонч ва халқаро ҳуқуқий механизмларга асосланган ёндашув узоқ муддатли шерикликнинг муҳим омили эканини алоҳида таъкидладилар.
Хитой делегацияси мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити ҳамда инвестицияларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатига юқори баҳо берди.
Музокаралар давомида меҳмонлар BMB HOLDING шоурумида намойиш этилган экспортбоп маҳсулотлар билан ҳам танишдилар. Шунингдек, миллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий компанияларни жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтган мулоқот якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли инвестиция ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзаро манфаатли шерикликни мунтазам мулоқот асосида изчил ривожлантиришга келишиб олдилар.