Жорий йилнинг 22 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган “Инвестиция ва савдо ҳамкорлиги тарғиботи учрашуви” доирасида Хитой Халқ Республикасининг Ички Мўғулистон автоном тумани делегацияси иштирокида бизнес-мулоқот ва B2B учрашувлар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда технологик ҳамкорликни кенгайтириш, янги шериклик йўналишларини белгилаш мақсадида ташкил этилди.
Учрашув давомида Ички Мўғулистон автоном туманининг қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, транспорт ва логистика, биотехнология, озиқ-овқат саноати ҳамда интеллектуал технологиялар соҳаларида фаолият юритаётган компания вакиллари билан музокаралар ўтказилди.
Унда BMB HOLDING ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Бобир Яхяев томонидан Холдингнинг агросаноат мажмуасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш бўйича амалга ошираётган лойиҳалари тақдим этилди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги кластерларини ривожлантириш, илғор агротехнологияларни татбиқ этиш, чорвачилик соҳасида тажриба алмашиш, биотехнологик ечимлардан фойдаланиш, рақамли технологиялар асосида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишларидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида экологик барқарорликни таъминлаш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда Хитойнинг чўлланишга қарши курашиш бўйича илғор тажрибасини ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Ички Мўғулистон автоном тумани Хитойнинг қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, озиқ-овқат саноати ва замонавий технологиялар соҳаларида катта тажрибага эга муҳим иқтисодий ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳудуд билан ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон агросаноат тармоғини модернизация қилиш, инновацион технологияларни жалб этиш ва инвестициявий имкониятларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув якунида томонлар мулоқотларни изчил давом эттириш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришдилар.