Жорий йилнинг 22 июль куни BMB HOLDING ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Бобир Яхяев ҳамда Хитой Халқ Республикасининг SINOSO компанияси Халқаро маркетинг директори Лю Лян хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар диққат марказида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш, аграр тармоққа инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш масалалари бўлди.
Мулоқот давомида меҳмонларга BMB HOLDING томонидан агросаноат мажмуасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, аграр тармоқда рақамли технологиялар ва инновацион ечимларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилди.
Ўз навбатида, SINOSO компанияси вакиллари томонидан сунъий интеллект (AI), IoT технологиялари, GNSS навигацияси, интеллектуал суғориш тизимлари ҳамда аграр робототехникага асосланган замонавий ечимлар юзасидан маълумот тақдим этилди. Таъкидланганидек, мазкур технологиялар қишлоқ хўжалигида аниқ бошқарувни йўлга қўйиш, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Қайд этилишича, SINOSO компанияси 2025 йил декабрь ойида Ўзбекистон бозорига кириш бўйича дастлабки амалий қадамларни амалга оширган. Компания маҳаллий ҳамкорлар билан дистрибьюторлик алоқаларини йўлга қўйиб, аграр соҳада қўлланиладиган замонавий технологияларини фермер хўжаликлари иштирокида синовдан ўтказган.
Бўлиб ўтган музокараларда томонлар SINOSO технологияларини BMB HOLDING томонидан амалга оширилаётган аграр лойиҳаларга татбиқ этиш имкониятлари, жумладан, боғдорчилик, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар етиштириш, сув ресурсларини самарали бошқариш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар технологик ечимларни маҳаллий шароитга мослаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда амалий қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш орқали Ўзбекистон–Хитой агротехнологик ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича алоқаларни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.