Жорий йилнинг 27 июль куни BMB HOLDING вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Швециядаги Элчихонаси кўмагида Норвегиянинг Осло шаҳрида фаолият юритувчи Exotic Fruit AS компаниясининг Осиё мамлакатлари бўйича тижорат директори Асад Махмудов билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистоннинг агросаноат салоҳияти, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари ҳамда BMB HOLDINGнинг халқаро бозорлардаги иштирокини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, BMB HOLDINGнинг қишлоқ хўжалиги, агросаноат, транспорт-логистика ва туризм соҳаларидаги фаолияти, маҳсулотларни етиштиришдан тортиб, чуқур қайта ишлаш ва экспортгача бўлган ягона интеграциялашган тизими тақдим этилди.
Томонлар юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни Норвегия ҳамда Шимолий Европа давлатлари бозорларига етказиб бериш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, қуритилган мевалар, Freeze-Dried технологияси асосида тайёрланган сублимация маҳсулотлари, IQF усулида шок музлатилган мева-сабзавотлар ҳамда бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Норвегия, Швеция, Дания ва Финляндияга экспорт қилиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, маҳсулотларнинг халқаро сифат стандартлари, сертификатлаш талаблари, самарали логистика ечимлари ва бозор эҳтиёжларига мос экспорт таклифларини шакллантириш юзасидан фикр алмашилди.
Онлайн мулоқот давомида жорий йил октябрь ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистон компаниялари учун Норвегияга бизнес-миссия ташкил этиш ташаббуси ҳам муҳокама қилинди. Exotic Fruit AS вакили мазкур ташрифни Шимолий Европанинг энг нуфузли инновацион платформаларидан бири саналган OSLO INNOVATION WEEK-2026 доирасида ўтказиш юқори самара бериши мумкинлигини таъкидлади. Мазкур халқаро тадбирда 50 га яқин давлатдан 15 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтган музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда BMB HOLDING маҳсулотларининг Норвегия ва умуман Шимолий Европа бозорларидаги иштирокини кенгайтириш бўйича мулоқотларни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.