Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш доирасида BMB HOLDINGнинг Жанубий Корея ҳамда халқаро ташкилотлар билан мулоқотлари изчил давом этмоқда.
Жорий йилнинг 6 октябрь куни BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) ITPO KOREAнинг Ўзбекистондаги маҳаллий маслаҳатчиси Дониёр Усмонов ҳамда U&K Partners Inc. Бош директори Сонг Чан Хюк билан учрашди.
Учрашувда UNIDO билан бизнес ва инвестициявий тадбирларда иштирок этиш, эко-индустриал парклар ташкил қилиш, замонавий ирригация технологияларини жорий этиш ҳамда халқаро молиявий ресурсларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотнинг Корея томони билан кечган қисмида BMB HOLDING лойиҳаларида Корея Эксимбанкининг молиявий имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, ушбу мамлакат ҳукумати ва ишбилармон доиралари вакиллари билан янги учрашувларни ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Кореяга ташрифи доирасида қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли инвестиция лойиҳалари шакллантирилиб, Корея Эксимбанки билан янги ҳамкорлик дастури қабул қилинган эди.
BMB HOLDING ушбу жараёнларнинг мантиқий давоми сифатида Кореянинг молия институтлари, ишбилармон доиралари ҳамда халқаро ташкилотлар билан амалий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурмоқда.
Учрашув якунида томонлар истиқболли лойиҳалар бўйича амалий ҳамкорликни давом эттириш ва мавжуд имкониятларни биргаликда ўрганишга келишиб олдилар.