Жорий йилнинг 9 апрель куни BMB HOLDING Бош директорининг халқаро муносабатлар ва инвестициялар масалалари бўйича ўринбосари Хайрулла Набижонов ҳамда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Савдо маслаҳатчиси Аҳмет Ҳората ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар юқори суръатларда ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Икки томон ҳам бу жараённи янада ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Туркия бозорига экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу борада Туркиянинг тегишли ҳудудларидаги ишбилармон доиралари, саноат ва савдо палаталари ҳамда Ҳолдинг вакиллари ўртасида кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган учрашувлар ва тадбирлар ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Туркия бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажмини ошириш ва мавжуд логистика занжирларини такомиллаштириш йўллари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган бизнес-форумлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этишга келишиб олдилар. Бундай тадбирлар янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун қулай имконият яратиши таъкидланди.