Жорий йилнинг 12 апрель куни BMB HOLDING бош офисида Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бейбут Атамкулов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида элчи жаноблари BMB HOLDING’ни 8 йиллик муваффақиятли фаолияти билан самимий қутлаб, агросаноат ва экспорт соҳаларидаги салмоқли натижаларини эътироф этди.
Муҳокамалар марказида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт ҳажмини ошириш масалалари турди. Хусусан, қуйидаги йўналишлар муҳокама қилинди.
Ўзаро савдони кенгайтириш
Ҳолдинг корхоналари томонидан чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (қуритилган ва шок-акустик усулда музлатилган сабзавотлар, мева пюрелари, джемлар, ва ҳ.к.)ни Қозоғистон бозорига етказиб бериш ҳажмини ошириш ва маҳсулот турларини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Агросаноат кооперацияси
Ҳолдингнинг Жиззах вилоятидаги замонавий агрокластери, жумладан, заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш каби инновацион лойиҳалари мисолида, қозоғистонлик ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Бунда ишлаб чиқариш соҳасида тажриба алмашиш ва янги корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Транспорт ва логистика
Икки мамлакатнинг географик яқинлиги ва транзит салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш ҳамда Ҳолдинг маҳсулотларини Қозоғистон орқали учинчи давлатлар бозорларига (масалан, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи) етказиб бериш учун самарали транспорт йўлакларини шакллантиришга келишиб олинди.
Шунингдек, иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доиралари вакиллари учун мунтазам равишда қўшма бизнес-форумлар, B2B учрашувлари, савдо миссиялари ва кўргазмалар ташкил этишга келишиб олинди.
Қолаверса, элчи жаноблари Б.Маматқулов ҳамроҳлигида офисда ташкил этилган Ҳолдингнинг юқори қўшилган қийматли маҳсулотлари намуналаридан иборат «Шоурум», меҳмонлар уйи, медиа марказ, музей ва бошқа объектлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашув якунида томонлар бу каби очиқ, дўстона ва самарали мулоқотлар қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирдилар.