Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Италия ўртасидаги икки томонлама муносабатларда сезиларли ўсиш кузатилмоқда, бу эса иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган стратегик ёндашувлар натижасидир.
Ҳар икки мамлакатнинг ўзаро манфаатлари асосида алоқалар мустаҳкамланиб, савдо, инвестициялар, технологиялар ва маданий алмашинувлар соҳаларида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.
BMB HOLDING ва HT HOLDING (Италия) ўртасидаги ҳамкорлик бунинг ёрқин мисоли ҳисобланиб, бугунги кунда Жиззах вилоятининг Бахмал туманида етиштирилаётган BMB Za’faron бренди остида заъфарон маҳсулоти нафақат Италия, балки Европанинг кўплаб мамлакатлари, АҚШ ва Араб мамлакатларининг 20 дан ортиқ давлатларига етказиб берилмоқда.
Бугун 14 апрель куни BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва HT HOLDING президенти Роберто Туччи ўртасида видео конференцалоқа орқали музокаралар ўтказилди.
Музокаралар давомида икки томонлама эришилган келишувлар доирасида заъфарон плантацияси майдонларини кенгайтириш, уни қайта ишлаш, мавжуд экспорт географиясини кенгайтириш орқали янги бозорларни ўзлаштириш ва ҳажмларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, бугунги кунда «Яшил» иқтисодиётни ривожлантиришда замонавий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва илғор технологияларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этаётганлигини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали улардан электр ва иссиқлик энергиясини олиш бўйича инвестиция лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Қолаверса, қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш, мамлакатимизга замонавий технологияларни татбиқ этиш мақсадида илғор иссиқхона комплексларини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Учрашув сўнгида томонлар жорий йилнинг 24-27 апрель кунлари италиялик ҳамкорлардан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифини ташкил этишга келишиб олишди.