Жорий йилнинг 13 май куни BMB HOLDING Бош офисида Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Манфред Ҳутерер ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида мартабали меҳмонга Ҳолдинг фаолияти, етиштирилаётган ва қайта ишланаётган маҳсулотлар турлари, уларнинг сифат кўрсаткичлари, тизимдаги корхоналарнинг экспорт имкониятлари ҳамда туризм ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги сўнгги йилларда эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот давомида элчи жаноблари Ҳолдингнинг Mangold Consulting ва BREITZMANN Edelmetalle & Diamanten каби йирик немис компаниялари билан ўрнатилган ҳамкорлигини юқори баҳолаб, ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришдан ҳар икки томон ҳам манфаатдорлигини таъкидлади.
Суҳбат чоғида Германиянинг саноат ва илғор технологиялар соҳасидаги салоҳияти ҳамда Ўзбекистонда мавжуд бўлган ишлаб чиқариш имкониятлари ва логистика инфратузилмаси каби ўзаро бир-бирини тўлдирувчи жиҳатлардан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, саноат кооперацияси, инновацион технологиялар трансфери бўйича ўзаро манфаатли лойиҳаларни йўлга қўйиш ва Европага чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт ҳажмини ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, учрашув доирасида Германия элчиси Ҳолдинг тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган ва сўнгги технологиялар асосида қайта ишланган, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларнинг намуналари жамланган шоурум ва музей фаолияти билан танишди.
Учрашув якунида элчи жаноблари Б. Маматқуловни жорий йилнинг июнь ойида Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида ўтказилиши кутилаётган ишбилармонлар Кенгаши йиғилишига таклиф қилди ҳамда бизнес тадбирлари доирасида немис ишбилармонлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгроқ йўлга қўйиш, Жиззах вилоятида қад ростлаши кутилаётган тиббиёт маркази ходимларини тайёрлашда немис клиникалари билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.