Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги икки томонлама муносабатларда сезиларли ўсиш кузатиляпти. Икки давлатнинг йирик хусусий сектор вакиллари ўзаро манфаатдорлик асосида бир қатор муваффақиятли лойиҳаларни йўлга қўяётганлиги бунга яққол мисол бўла олади.
Юқоридаги саъй-ҳаракатларининг давоми ўлароқ, жорий йилнинг 23 май куни BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда HT HOLDING президенти Роберто Туччи ўртасида навбатдаги видео конференцалоқа орқали музокаралар ўтказилди.
Унда асосан заъфарон плантация майдонларини янада кенгайтириш, юқори сифатли заъфарон хомашёси ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, маҳсулот экспорт географиясини диверсификация қилиш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича стратегик режалар муҳокама қилинди.
Mамлакатимизнинг агросаноат салоҳиятини юксалтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида замонавий, инновацион технологияларга асосланган иссиқхона мажмуаларини ташкил этишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва бу борада илғор халқаро тажриба алмашиш имкониятларига тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари нуфузли “Stadler”(Швейцария) компанияси билан биргаликда Ўзбекистон иқтисодиёти учун ғоят аҳамиятли бўлган инвестициявий лойиҳани амалга оширишнинг стратегик аҳамияти ва истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув натижасига кўра, жорий йил июнь ойининг биринчи ярмида HT HOLDING президенти Роберто Туччининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш ва муҳокама қилинган йўналишлар бўйича истиқболдаги режалар келишиб олинди.