Жорий йилнинг 2 февраль куни Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматкулов Ўзбекистон Республикасининг Индонезия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ойбек Эшонов билан учрашди.
Учрашув давомида холдинг корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишни ривожлантириш, шунингдек, индонезиялик ишбилармон доиралар иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Элчи О. Эшонов Индонезия Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик иқтисодиётлардан бири бўлиб, аҳолиси 280 миллион нафардан ортиқ эканини таъкидлар экан, ушбу бозор ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун истеъмол бозорининг ҳажми ва экспорт йўналишларини диверсификация қилиш нуқтаи назаридан катта қизиқиш уйғотишини қайд этди. Хусусан, хомашё ва қайта ишланган маҳсулотлар импорти ва экспорти, логистика имкониятлари, сертификатлаштириш талаблари, шунингдек, агросаноат ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Индонезия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонни логистика ечимларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамда минтақавий бозорларда савдо-иқтисодий иштирокни кенгайтиришга қизиқиши алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунларига кўра, аниқ экспорт-импорт ва инвестиция ташаббусларини ўзаро манфаатли шартлар асосида муҳокама қилиш мақсадида профиль индонезиялик компаниялар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.