Жорий йилнинг 2 февраль куни мамлакатимизнинг Индонезиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ойбек Эшонов иштирокида, BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Индонезия Савдо-саноат палатасининг Ўзбекистон, Венгрия ва Хорватия билан ҳамкорлик қўмитаси раҳбари Жей Абдуллаҳ Алатас ҳамда Vortech Corp FZCO компанияси Президенти Фархан Маендри ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Жей Абдуллаҳ Алатас юритувидаги компания пойтахтимиздаги Le Grande Plaza Hotel меҳмонхонаси эгаси ҳисобланади.
Бўлиб ўтган мулоқот давомида томонлар Ўзбекистонда инвестиция муҳитини янада ривожлантиришга қаратилган иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, Жакарта шаҳрида BMB Za’faron Premium ресторани филиалини очиш, шунингдек, Жиззах вилояти ҳудудида тез тайёрланувчи таомлар ишлаб чиқариш қўшма корхонасини ташкил этиш ташаббуслари атрофлича кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, томонлар икки мамлакат бозорларида ўзаро талабгир маҳсулотларни етказиб бериш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, индонезиялик ҳамкор BMB HOLDING инновацион услубларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш тажрибасига юқори қизиқиш билдириб, мутахассисларини Ўзбекистонга юбориш истагини билдирди.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашув якунларига кўра Б.Маматқулов муҳокама қилинган йўналишлар бўйича ўзаро манфаатли ва барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида индонезиялик тадбиркорларни Ўзбекистонга таклиф қилди.