Жорий йилнинг 29 апрель куни пойтахтимизда BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва HT HOLDING (Италия) президенти Роберто Туччи ўртасида навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар сўнгги йилларда йўлга қўйилган ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Музокаралар марказида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга йўналтирилган йирик инвестициявий лойиҳанинг бугунги ҳолати таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, белгиланган режага мувофиқ, 2027 йил якунига қадар заъфарон плантациялари майдонини 2000 гектаргача етказиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу ўз навбатида маҳсулотнинг экспорт ҳажмини ошириш ва ташқи бозорлардаги географиясини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, томонлар иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ҳам янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар. Жумладан, қишлоқ хўжалигида Европа стандартлари асосида замонавий иссиқхона мажмуаларини ташкил этиш ҳамда саноат йўналишида Италиянинг илғор ва юқори самарали технологияларини мамлакатимизга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар BMB Za’faron маҳсулотларини халқаро бозорларга чиқариш суръатини жадаллаштириш ва муҳокама қилинган янги ташаббуслар юзасидан амалий ишларни бошлашга келишиб олдилар.