Ўзбекистон ишбилармон доираларининг халқаро майдондаги иштироки изчил равишда кенгайиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошчилигида 150 нафардан ортиқ тадбиркордан иборат делегация жорий йилнинг 4 май куни Гонконг шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди.
Мазкур ташрифнинг асосий мақсади – маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини ташқи бозорларга, жумладан учинчи мамлакатлар бозорларига олиб чиқиш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда янги халқаро шериклик алоқаларини ўрнатишдан иборат.
Ташриф дастури доирасида Гонконг савдони ривожлантириш кенгаши майдонида Ўзбекистон бизнес кечаси ташкил этилди. Унда ўзбекистонлик тадбиркорлар билан бирга Гонконгнинг етакчи бизнес ассоциациялари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Эркин мулоқот шаклида ўтказилган мазкур тадбир иштирокчилар ўртасида самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун қулай имконият яратди. Унда делегация аъзолари Гонконгнинг етакчи ташкилотлари фаолияти, бизнес юритиш моделлари, инновациялар, инвестициялар ва замонавий технологиялар соҳасидаги илғор тажрибалар билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасининг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилиб, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ва янги имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Учрашувлар давомида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши аъзоси Азиз Маматқулов қатор хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борди. Жумладан, Гонконг Савдони ривожлантириш кенгаши ижрочи директори Sophia Chong, “InvestHK” давлат агентлигининг халқаро бозорлар, консулликлар ва савдо-саноат палаталари бўйича вице-президенти Winnie Chan, “Wanson Construction” компанияси директори Chau Chi Fai ҳамда “Markinze” компанияси ижрочи директори Steve Choi билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида бўлиб ўтадиган бошқа тадбирлар ҳақида обуначиларимизни кейинги постларимиз орқали хабардор қилиб борамиз.