Маълумки, шу кунларда Америка Қўшма Штатларида нуфузли SelectUSA халқаро инвестиция саммити бўлиб ўтди. Жорий йилнинг 5 май куни мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ташаббуси билан саммит иштирокчилари учун расмий қабул маросими ташкил этилди.
Мазкур тадбир икки мамлакатнинг йирик тадбиркорлари ва ишбилармон доиралари вакилларини бир ерга жамлаб, кенг кўламли нетворкинг мулоқотлари учун самарали майдон яратди. Учрашувлар давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги инвестиция йўналишларини белгилаш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Америка–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Дўстона ва конструктив руҳда кечган мулоқот давомида томонлар яқин келажакда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, “Made in Uzbekistan” миллий бренди маҳсулотларини АҚШ бозорида кенг тарғиб қилиш ҳамда янги шериклик алоқаларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Ўз навбатида, Керолин Лемм Холдинг томонидан етиштирилаётган ва чуқур қайта ишланаётган маҳсулотларнинг халқаро стандартларга жавоб бериши ҳамда тегишли сифат сертификатларига эга эканлигини алоҳида мамнуният билан қайд этди.
Шунингдек, Бекзод Маматқулов мазкур тадбир доирасида World Trade Center San Diego бош директори Лукас Коулман ҳамда Cedars Sinai компанияси президенти Киншук Кошер билан ҳам учрашувлар ўтказиб, яқин истиқболда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.