Маълумки BMB HOLDING “Made in Uzbekistan” миллий бренди остидаги маҳсулотларни халқаро бозорларда кенг тарғиб қилиш ва экспорт географиясини янада кенгайтириш борасида изчил фаолият олиб бормоқда.
Хусусан, АҚШнинг йирик савдо тармоқларидан бири бўлган Costco Wholesale билан йўлга қўйилган ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик бу борадаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Мазкур ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг 7 май куни мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Нью-Йорк шаҳрида Costco Wholesale савдо тармоғи раҳбарияти билан навбатдаги музокараларни ўтказди.
Учрашув давомида мавжуд ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, BMB Za’faron бренди ҳамда Холдинг томонидан чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг АҚШ бозорига экспорт ҳажмини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар келгусида маҳсулот турлари ва кўламини кенгайтириш ва экспорт логистикасини такомиллаштириш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.
Шу билан BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг SelectUSA инвестиция саммити доирасидаги Америка Қўшма Штатларига ташрифи якунланди ва делегация Тошкент шаҳрига йўл олди.