Жорий йилнинг 7 август куни BMB HOLDING Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Бобир Яхяев ҳамда Middle East (Saudi Arabia) Dragon World Holding Group халқаро бизнес ҳамкори, Shanghai Walfman Information Technology Co., Ltd. компанияси раиси Лю Юйлинь ўртасида видеоконференцалоқа шаклида музокаралар бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон, Хитой ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири BMB HOLDING томонидан ишлаб чиқарилаётган заъфарон ва заъфарон асосидаги маҳсулотларни Хитой ҳамда Саудия Арабистони бозорларига экспорт қилиш масаласи бўлди. Томонлар ушбу маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, янги савдо йўналишларини шакллантириш ҳамда экспорт ҳамкорлигини кенгайтириш механизмларини атрофлича кўриб чиқдилар.
Шунингдек, Хитойнинг HarbinPharmaceuticalGroup, YunnanBaiyaoGroup ҳамда ChinaResourcesSanjiuMedical&PharmaceuticalGroup каби етакчи фармацевтика компаниялари билан заъфарон маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, мазкур йўналишда савдо ва технологик ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар юқорида қайд этилган йўналишлардан ташқари фармацевтика соҳасини ривожлантириш, замонавий технологияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалиги техникасини маҳаллийлаштириш, тоғ-кончилик соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда махсус транспорт воситаларини ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишлар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашдилар.
Конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтган онлайн музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни узоқ муддатли стратегик шериклик асосида ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни босқичма-босқич амалга оширишга келишиб олдилар.