Жорий йилнинг 25 август куни BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ерали Тугжанов билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида Бекзод Маматқулов элчи жанобларини мамлакатимиздаги дипломатик миссияси бошлангани билан самимий қутлаб, масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади. Шунингдек, 23 август куни Қозоғистонда Қурултой депутатлари сайлови муваффақиятли ўтказилгани муносабати билан табрик изҳор этилди.
Музокаралар давомида BMB HOLDINGнинг инвестициявий ва экспорт салоҳияти, халқаро тажрибаси, консалтинг хизматлари, шунингдек, агросаноат, қайта ишлаш, логистика, туризм ҳамда бошқа соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслари тақдим қилинди.
Томонлар, аввало, Холдинг тизимидаги корхоналар томонидан етиштирилиб, чуқур қайта ишланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қозоғистон бозорига етказиб бериш ҳажмини ошириш ва янги экспорт йўналишларини ўзлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Туризм соҳасида эса икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган ўзаро туристик пакетларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, шунингдек, Қозоғистонлик сайёҳлар учун Za’faron бренди остидаги ресторан ва меҳмонхоналар имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича келишувга эришилди.
Алоҳида йўналиш сифатида Жиззах вилоятида етиштирилаётган табиий BMB Za’faron маҳсулотларининг Қозоғистон соғлиқни сақлаш тизимида қўлланиш истиқболлари кўриб чиқилди. Бу борадаги тадқиқотларни йўлга қўйиш орқали келгусида биологик фаол қўшимчалар ҳамда дори воситаларини ҳамкорликда ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, янги сармоявий ташаббусларни амалга ошириш, хусусан, буғдойни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар тайёрлаш ва уларни учинчи мамлакатлар бозорларига чиқариш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Бекзод Маматқулов элчи Ерали Тугжановни BMB HOLDINGнинг Жиззах вилоятидаги корхоналари билан яқиндан танишиш мақсадида ҳудудга таклиф этди.
Ўз навбатида, Қозоғистон элчиси BMB HOLDING ишчи гуруҳини мамлакатнинг инвестициявий муҳитини ўрганиш, янги бизнес йўналишларини белгилаш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни шакллантириш учун Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қилди. Ушбу ташрифни сентябрь ойида ташкил этиш режалаштирилди.
Ўзаро конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашув якунида томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни аниқ экспорт ва инвестиция ташаббуслари билан бойитиш, янги бизнес йўналишларини шакллантириш ҳамда икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги шерикликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.