Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги кўмагида BMB HOLDING Инвестиция лойиҳаларига консалтинг хизмати кўрсатиш департаменти директори Бобир Яхяев Франциянинг давлат инвестиция банки – Bpifrance вакиллари, MENA, Туркия ва Марказий Осиё йўналиши бўйича раҳбар ўринбосари Павло Стергард ҳамда MENA минтақаси бўйича минтақавий маслаҳатчи Амандина Сен-Лу билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон-Франция муносабатларининг бугунги ҳолати, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари, BMB HOLDING фаолияти ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари хусусида фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги стратегик шериклик доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат кооперациясини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. 2025 йил март ойида Парижда давлат раҳбарлари томонидан Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация қабул қилиниб, Франциянинг етакчи компаниялари билан умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи дастур бўйича келишувларга эришилган.
Ана шу жараёнда Bpifrance билан йўлга қўйилаётган мулоқот инвестициявий ташаббусларни молиявий механизмлар билан таъминлаш ва уларни амалий лойиҳаларга айлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда BMB HOLDING лойиҳаларини молиялаштириш, Франция компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илғор француз технологиялари ва замонавий ускуналарни жалб этиш, шунингдек, экспорт йўналишларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда кўриб чиқиш, уларни молиялаштириш имкониятларини ўрганиш ва келгусидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаш юзасидан фикр алмашдилар.
Франция билан инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш BMB HOLDINGнинг халқаро молия институтлари ва хорижий бизнес доиралари билан алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларга илғор молиявий ечим ва технологияларни жалб этишга хизмат қилади.