Жорий йилнинг 29 сентябрь куни BMB HOLDING Инвестиция лойиҳаларига консалтинг хизмати кўрсатиш департаменти директори Бобир Яхяев Мўғулистон ва Филиппиннинг Ўзбекистон Республикасидаги Фахрий консули Содном Бехбат билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон маҳсулотларини Мўғулистон ва Филиппин бозорларига экспорт қилиш, шунингдек, мазкур мамлакатлардан Ўзбекистон бозори учун зарур маҳсулотларни импорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Фахрий консулга BMB HOLDING фаолияти, ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот ва хизматлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини Мўғулистон бозорига етказиб бериш ҳамда ушбу бозорда реализация қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон- Мўғулистон муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, савдо-иқтисодий алоқалар ва саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. 2025 йилда икки давлат муносабатлари кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқилди. Бу жараёнда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, жумладан, Ўзбекистоннинг Мўғулистон мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ошириш бўйича вазифалар белгиланган.
Шу нуқтаи назардан, BMB HOLDING томонидан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини Мўғулистон бозорига етказиб бериш бўйича билдирилган ташаббуслар мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни амалий мазмун билан бойитишга қаратилган.
Шу билан бирга, Мўғулистондан Ўзбекистонга гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда картошка импорт қилиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Бу йўналишдаги ҳамкорлик ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтириш билан бир қаторда, маҳсулот етказиб бериш манбаларини диверсификация қилиш имконини беради.
Филиппин йўналишида эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ушбу бозорга экспорт қилиш, шунингдек, банан, манго ва бошқа тропик меваларни импорт қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Холдинг таркибидаги корхоналар фаолияти, уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳсулотлари билан яқиндан танишиш мақсадида жаноб Содном Бехбат BMB HOLDING корхоналарига ташриф буюриш учун таклиф этилди. Ташриф доирасида экспорт-импорт ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш ҳам режалаштирилган.
Мазкур мулоқот экспорт географиясини кенгайтириш, янги ташқи бозорларни ўзлаштириш ва Мўғулистон ҳамда Филиппин билан ўзаро манфаатли савдо алоқаларини ривожлантириш йўлидаги навбатдаги амалий қадам бўлди.