Жорий йилнинг 6 октябрь куни BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов ва Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Нурлан Макажанов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, туризм соҳасидаги шерикликни кенгайтириш ва инвестицияларни жалб қилишнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. 2026 йил апрель ойида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг учрашувида 2025 йил якунларига кўра мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларга етгани қайд этилган. Шунингдек, яқин истиқболда мазкур кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган. Бу эса янги бозорларни ўзлаштириш, экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш учун муҳим имкониятларни яратади.
Шу нуқтаи назардан, учрашувда BMB HOLDING маҳсулотларини Қозоғистон бозорига чиқариш, янги харидорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва экспорт географиясини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Холдинг омборларида сақланаётган қишлоқ хўжалиги ҳамда чуқур қайта ишланган маҳсулотларни бозор талабидан келиб чиққан ҳолда Қозоғистонга экспорт қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Туризм йўналишида эса Қозоғистондаги туроператорлар, сайёҳлик ва DMC компаниялари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, уларга ZA’FARON PREMIUM HOTEL меҳмонхоналари ҳақида маълумотлар, тижорат таклифлари ва ҳамкорлик шартларини тақдим этиш бўйича келишувларга эришилди.
Қозоғистондан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимининг юқорилиги мазкур йўналишнинг салоҳиятини яна бир бор кўрсатмоқда. Хусусан, 2026 йил январь–август ойларида Қозоғистондан Ўзбекистонга 2,17 миллиондан зиёд хорижий фуқаро ташриф буюрган.
Учрашувнинг инвестициявий йўналишида Қозоғистондаги салоҳиятли инвесторларни аниқлаш, BMB HOLDING’нинг истиқболли лойиҳаларини тақдим этиш ва манфаатдор томонлар билан тўғридан-тўғри мулоқотларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси билан тизимли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Мазкур учрашув август ойида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ерали Тугжанов ўртасида ўтказилган музокараларнинг мантиқий давоми бўлди. Бугунги мулоқот аввалги келишувларни амалий чора-тадбирлар асосида давом эттириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олишга хизмат қилди.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган музокаралар якунида томонлар устувор йўналишларда ҳамкорликни изчил давом эттириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда савдо, экспорт, туризм ва инвестиция соҳаларида янги амалий ташаббусларни илгари суришга келишиб олдилар.