Жорий йилнинг 8 октябрь куни BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси савдо вакили Шахбоз Шоев билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, BMB HOLDING маҳсулотларини Тожикистон бозорига экспорт қилиш, ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, инвестиция ва туризм соҳаларидаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш учун янги имкониятлар юзага келмоқда.
Икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда 2026 йил 26 март куни Тошкент шаҳрида икки давлат раҳбарлари раислигида бўлиб ўтган Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши муҳим аҳамият касб этди. Унда ўзаро савдо ҳажмини 2028 йилга қадар 2 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифаси белгиланди. Шунингдек, қўшма ишлаб чиқариш ташаббусларини илгари суришга қаратилган келишувларга эришилди.
Мазкур мақсадлар BMB HOLDING учун ҳам минтақавий бозорлардаги фаолиятни кенгайтириш ва янги экспорт йўналишларини ўзлаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Холдингнинг агросаноат ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларидаги салоҳияти Тожикистон бозорида ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади. Шу муносабат билан маҳаллий импортчилар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ва барқарор етказиб бериш йўлларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди. Жумладан, Тожикистондаги туроператорлар, туристик компаниялар ва DMC ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, уларга ZA’FARON PREMIUM HOTEL меҳмонхоналари тўғрисида маълумот ва тижорат таклифларини тақдим этиш, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорлик шартларини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди. Бу эса туристик алмашинувни рағбатлантириш ва меҳмонхона хизматларини минтақавий бозорларда кенгроқ тарғиб қилишга хизмат қилади.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган музокаралар BMB HOLDINGнинг Тожикистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва янги ҳамкорлик йўналишларини шакллантириш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.